понедельник, 6 января 2014 г.

Maqola 1: Qariqiz: taqdirmi yo tashxis?

Қариқиз-тақдирми ё ташхис?

МАВЗУ: Жамиятда ёзилмаган қоидаларга кўра қизларнинг “вақтида
турмушга чиқмаслик” муаммоси ҳақида атрофлича фикр юритиб кўрамиз. “Қариқизлик”нинг илдизи нимага бориб тақалади? Ўзи неча ёшдан бошлаб қизларни “қаритишади?”
ФАЛСАФА: Қари қиз- жамоатчилик луғатида бу лақаб ҳеч қачон турмушга чиқмаган ёки бокиралик оламини ҳатлаб ўтмаган, ёки шундай тақдирни ўзи билиб-билмай қарши олаётган қизга нисбатан ишлатилади. Инсоннинг “эгоцентризми”, яъни ўз “мен”ини ҳурматлаш нуқтаи назардан келиб чиқсак, бу сўзни луғатдан чиқариб ташлашимизга тўғри келади. Тўғри-да, қиз боланинг ҳам қариси бўладими? Ахир бахт ҳаммага ҳар хил вақт ва шароитда берилади. Баъзи одамлар оёқ билан эмас, тил билан юрганликлари учун ҳам ўз бахтини излаётган бокира қизларга нисбатан шу совуқ сўзни ишлатишади. Бу сўз нақадар совуқлигини “қари қиз” ва унинг яқинларидан сўранг!
         МУҲОКАМА: Бизнинг менталитетга кўра ёши 23 (кўпчиликнинг фикрига таянган ҳолда) дан ошаётган деярли ҳар бир қиз шу сафга тушиб қолиш хавотири билан яшайди. Аниқроғи, атрофдагиларнинг гап-сўзлари уни шу хавотир иплари билан ўраб қўяди. Бу кўринмас иплардан чиқиб кетишга қанчалик уринмасин, ниятлари тоза қизга ҳеч тақдир кулиб боқмайди. Нимага? Ахир у шу ёшгача ҳеч ким билан ортиқча гаплашмай, учрашмай, ўзига гард юқтирмай, чин маънода ўз жуфти, эгасини кутиб яшаяпти-ку! Атрофига қараса, ҳамма дугоналари жойини топиб кетяпти, улар орасида ўқиган-ўқимагани, юрган-юрмагани, баланд-пасти, семиз-ориғи, ақллиси-мундайроғи, чиройлиси-хурпайгани, хуллас, ҳар қанақаси бор! Фотиҳанинг нонидан бир тишлаганида, никоҳ таклифномасини ўқиб кўрганида, энг чин дугонасини оппоқ либосда кўрганида “менга ҳам шу бахт насиб этсин” деган ўй хаёлидан ўтмаган қиз бўлмаса керак! Синфдош, курсдош дугоналар билан йил ўтган сайин тез-тез учрашгиси, кўнгил ёзгиси келади-ю, ҳаммаси ўзи ташвиши, оиласи билан бандлигини кўриб кўнгли яна бир қадар чўкади. Ўқиб юрган пайтида ҳеч ким ҳеч нарса деёлмасди, “ўқиб юрибман” деган баҳонаси бор эди, ота-онаси ҳам ҳар нечук “қизим ҳали талаба” деб ўзини овунтирарди. Ўқиши ҳам тугади, тезда ишини топиб олса, марра уники. Агар ростманасига “ўтириб қолса-чи?”. Бунда унинг ички изтироблари икки ҳисса бўлади. Кўпинча қариқизлашиш муаммоси ўз ишини топган фидойи, ишчан қизлар орасида кузатилади. Чунки бу қизларнинг олдига қўйган мақсадларининг аксарияти иш билан боғлиқ бўлгани учун ҳам бор куч-ғайратларини, ёшлик шижоатларини, эҳтирос-ҳиссиётларини ўша мақсад амалга ошиши учун сафарбар этадилар. Ҳаммаси яхши бошланади-ю бироқ қиз ҳаётини яхшилаш учун амалга ошираётган барча ҳаракатларидан, ўз эҳтиёжлари, ўз мақсадларининг янги талаблар, янги марраларга тўхтовсиз ишора қилаверишидан аста-секинлик билан норози бўлишни бошлайди, бундай ҳаёт тарзидан зерикади.  Ҳаётида нимадир ўзгармаётганидан, кунларнинг бир хиллигидан, кутаётгани ҳеч содир бўлмаётганидан баъзи қизларда депрессияга тушиш, юраги зиқлик, тундлик авж олади, ҳар нарсага асабийлашиб қоладилар. Бундай ҳолатга эркак ҳам аёл ҳам исталган ёшда дуч келиши мумкин. Биз эса бу вазиятга уялмай-нетмай ном берамиз, чимилдиқ кўрмаган қизни (эрсираб қолишда) айблаймиз, устидан куламиз.  Бир воқеага гувоҳ бўлганман: 28 ёшли ҳали турмушга чиқмаган, бироқ фидойи ва масъулиятли бир қиз ишхонасидаги амаллаб ишлайдиган, на уйни, на ишни эплайдиган уқувсиз, икки болали ўзи тенги аёлни ўз вақтида ишни бажармагани учун койийди. Бу аёл турмуш қурмасидан аввал ҳам топшириқни савиясиз ва пала-партиш бажарар эди, бола-чақали бўлганидан кейин деярли ишламай қўйганди. Ҳалиги турмуш қурган аёл мансаби бир поғона баланд тенгдошига: “Сен олдин эрга тег. Қайнона-қайнота, эр билан яшаб кўр, бола туғиб кўр, кейин менга ўргатгин. Миянгга уриб кетиб, одам танимай қолибсан”, дейди ҳамкасблари олдида. Турмушга чиқмаган қиз гап тополмай, қулоғигача қизариб, йиғлаб-йиғлаб уйига кетади. Орадан 4 ой ўтиб қизнинг фотиҳаси бўлади, тўйгача эса ҳалиги аёл эса иккита боласи билан эридан ажрашади.
Ҳа, бахтнинг эрта-кечи бўлмайди: кимдир катта ҳаётни вақтли бошлаб, турмушнинг аччиқ-чучукларига энг гуллаган ёшлик даврини сарф этади, ўз шахсияти билан боғлиқ орзуларини вақтинчалик унутишга мажбур бўлади, шарофатига, оила, болалар роҳатини бошқаларга нисбатан эрта кўради; яна кимдир учун бахтнинг бу кўриниши кечроқ намоён бўлади, ёшлик завқидан тўйиб баҳра олади, ҳаётдаги ўз ўрнини топишга уринади, шунга яраша оилавий ҳаётни кечроқ бошлаб, роҳатини ҳам кечроқ кўради. Икки ўн беш-бир ўттиз, шундай эмасми? Ҳар икки ҳолатда ҳам йўқотилган вақтнинг ўрнини тўлдиришнинг иложи бор, аммо аждодларнинг кўрсатмалари баайни ҳақиқатлиги ёддан чиқмаслиги ҳам керак: вақтида уйланиш, турмуш қуришнинг ҳикмати катта! Бу катта ҳикматнинг ичида жисмоний, руҳий, ижтимоий омиллар яширин.
         Қизларнинг бахти очилмаётганига сабаб бўлувчи омиллар
Аслида бундай сабаб-омилларни газетани тўлдириб ёзиб ташлаш мумкин, қуйида қизларнинг руҳияти, мақсадлари, днёқараши, яшаётган муҳити билан боғлиқ энг муҳим сабаблар:
1) ўзига бўлган ишончнинг сустлиги ("мен кимгаям ёқардим?")
2) ёки жуда юқорилиги (“келиб-келиб шунга тегаманми?”)
3) оиладаги кескин ҳолат (ота-она, ака-опаларининг оилавий ҳаёти қониқарли эмаслиги)
4) асосий вақтни уйда ўтказиш ("Яхшиси уйда ўтириб, сериалимни кўраман"-одамларга қўшилмаган қиз худди сифати яхши-ю, рекламаси йўқ кир ювиш кукунига ўхшайди.)
5) асосий вақтни ишда ўтказиш (“Ишлашимга рухсат берганга тегаман!”)
6) қарши жинс вакилига қўйилган юқори ва майда талаблар ("Ҳақиқий шаҳзодани кутяпман", “туфлисига мос камар тақмай учрашувга чиқибди”, “сариқ экан, жаҳли тез бўлади”)
7) уй бекаси бўлиб қолишдан қўрқиш ("Ҳеч тасаввуримга сиғдиролмайман, қандай қилиб пайпоқ ҳидлаб, ёғли кўйлак ювиб, қозон-товоққа ўралашиб бутун умр яшаш мумкин?")
8) бошқаларнинг ҳаётидан салбий хулоса чиқариб олиш ("Мана шунақа, шошган қиз йигит билан 3 марта учрашади, эри билан 2 ой яшаб қизлик уйига қайтиб келади, 9 ойдан сўнг кўзи ёрийди, туғруқхонага ҳеч ким келмайди. Орадан бир йил ўтмай ажрашган, болали аёлга айланади. Бунақа ҳаётни истамайман!")
9) эркаклар қалбига осон йўл топа оладиган дугоналарни ҳадеб муҳокама қилиш ( “Ҳамма билан гаплашиб юриб, оппоқ қанддек эрга тегиб олди, эри-тилла одам, нега унинг бахти очилди-ю меники йўқ?”)
10) йигитлар билан ҳаддан ортиқ яқин дўстлик (“мен тўғри маънода гаплашаман-ку!”)
11) учрашувлардаги омадсиз кўриниш ёки суҳбат (“менинг боримча қабул қилсин, атай пардоз қилмайман”, “мен ўзим шунақа кўп гапираман”, “ёқмадими, гаплашиб вақт чўзиб ўтирмайман!”)
12) оилавий шароит туфайли ота уйни ташлаб кетолмаслик (ота-онасининг бетоблиги, ука-сингилларига бошлиги)
13) иқтисодий ҳолат (ҳар доим ҳам оиладаги етишмовчилик, сарпо-суруқдаги камчилик тўйнинг ортга сурилишига сабаб бўла олмайди. Шунинг учун ҳам рўйхатнинг энг сўнгида.)

                                      Қизлар таклиф беролмайдилар

Йигитлар каби танлов ва таклиф ўз ихтиёрида эмаслигидан аксарият қизлар ич-ичдан қийналишади. Ахир совчини ҳам, учрашувни ҳам йигит томон белгилайди, охирги сўзни ҳам улар айтади. Кўпчилик тенги топилмаётган қизларга қариндошлари ўзича танбеҳ ҳам бериб қўйишади: “танлаб-танлаб, тозисига учрамагин!”. То жойи чиққунча қариндошларининг гап-сўзларидан хуноб бўлган бир дугонам: “ўша тозиси бўлсаям қаерда экан, нега учрай қолмайди!” деб ҳасрат қиларди. Аслида оппоқ қизларимиз танлаб-танлаб ўтирганлари йўқ, тақдир эшиги очилмаяпти, холос. Аммо ҳамма айбни тақдирга тўнкаб қўйиш ҳам бўлмайди. Қизлар таклиф қилолмасалар ҳам таклиф учун арзирли, муносиб, орзудаги қиз бўла оладилар.
 Қорамағиз қиз пардозни ўринлатиб ёқимтой кўринишни, бўйи паст қиз баландроқ туфли кийишни, тузукроқ кўйлаги йўқ қиз учрашувга дугоналаридан олиб бўлса ҳам малика бўлиб чиқишни эплай олади. Фақат...биргина фақат биринчи тасаввур кўйлак-у пардоз билан уйғотилса, кейинги учрашувда ақл уйғоқ туради. Ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати ўзи ҳақидаги у ёки бу маълумотни ошкор қилади. Биргина сўз, биргина қарашнинг ўзи ҳам қиз кўнглига ёққан йигит уни ёқтирмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳали ўз жуфтини топмаган дугоналаримнинг аксарияти учрашувга чиққанида “нималарни гаплашдинг?” деган саволга жавоб беришдан бош тортишади. Йигитлар энг кўп берадиган “қаерда ўқигансиз?”, “ишлашга муносабатингиз?”, “Оилада неча кишисизлар?”, “айтганчи, ўзи исмингиз нима?”, “машина ҳайдашни биласизми?”, “ишингиз(ўқишингиз) ўзингизга ёқадими?”, “севганингиз борми?”,   “агар саволингиз бўлса, беришингиз мумкин?!” каби саволлар қиз бечораларнинг баъдига уриб кетса керак-да.  
Қариндошимнинг ўғли учрашувга чиққанида қизларнинг ўта камгаплиги ёки кескин кўпгаплигидан шикоят қилиб келарди. Бир сафар учрашган қизи йигитга “ҳаётдаги олий мақсадингиз нима?” деб савол берибди. “Гапга уста бўлсам ҳам шу саволга жавоб беришга жуда қийналдим”- бу олий маълумотли йигитнинг гапи. Жавоб бериб бўлиб “ўзингизникичи?” деб сўрабди. Қизгина ўқишни битириб магистратурага кирмоқчилигини, сўнг аспирантурада ўқиб илмий иш қилмоқчилигини, лицензия олиб хусусий фирма очмоқчилигини батафсил сўзлаб берибди. Йигитнинг “...агар сизга уйланмоқчи бўлган йигит ўқишингизни давом эттиришингизни, илмий иш қилишингизни ва ишлашингизни истамаса, кўнмаса, нима қилган бўлардингиз?” деган саволига “айтганига кўнаман” деб жавоб берибди. “Унда ҳаётдаги олий мақсадларингиз қаерда қолади?” деган провакацион саволни ўзига тилаб олган қиз “бир амаллаб кўндириш мумкинлигига ишонаман” дебди бўш келмай. Ҳа, бу суҳбатда йигит-қизнинг ҳар иккиси ўзича ҳақ. Қизларнинг совчиси бир қайнаган вақтда ўзини тўғри тутиб, яхши намоён эта олиши ҳам катта аҳамиятга эга, ахир, “эркак киши хотин кишининг яхши-ёмонлигини қаёқдан билади”, яхши эканлигингизни кўрсатишингиз керак-да!
                           
                            Қизларимизнинг руҳини кўтарайлик
“Шунақа бўлганингдан кейин ким сени сўраб келарди?” эмас, “қизим, бунақа бўлсанг, ошиқларинг янада кўпаяди” тарзида қизларимиздаги камчиликларни бартараф этиш ва уларга ҳаммани мафтун қилиш мумкин. Уйингизни ялтиллатиб таъмир қилганингиз, палон пулли мебел олганингиз, хуллас тўй қилишга тайёр эканлигингиз қизингизнинг тақдир эшигини очиб беришга қодир эмас, ҳаракатни, ҳаражатни қизингизнинг ўзига бағишланг. Қизлар нафақат ташқи кўринишини яхшилаши, дунёқарашини кенгайтириши, қаерда нима гапиришни, ўзини қандай тутишни ўрганиши, одамларни севишни билиши, ўз имкониятларини тўғри баҳолай олиши ҳам керак. Бунда катталар ёрдамига муҳтожлик сезилади. “Бошингизга ёстиқ” қилгингиз келмаса, ўзингиз ҳам қизингизнинг тенги бўла оладиган кишиларни даракланг. Бунинг ҳеч бир ёмон жиҳати йўқ.

                            Кўзойнагингиз бурнингиз устида турибди
Азиз опажонлар, дугоналар, доимги гапимни айтаман: бахтингиз кампир қидириб сўнг бурни устидан топган кўзойнакка ўхшайди, у кўз олдингизда турибди. Қари қиз деб ортингиздан гапирганлар ҳали уялиб қолади. Қари қизлик ҳеч кимга тақдир эмас, Парвардигор ҳаммани жуфти билан яратган, қариқизлик ҳеч қандай ташхис ҳам эмас, сиздаги бу кутиш онларини рутубатга қиёслаганлар ҳали бахтингизни кўриб чизга хавас қиладилар. Умидни сўндирманг, яхши дуоларда бўлинг, бошқалар бахтидан чин маънода қувонишни ўрганинг!


                                                                                     Азиза Қурбонова  

Комментариев нет:

Отправить комментарий