Ҳеч
ўйлаб кўрганмисиз, турмуш қураётганингизни хабарлаган чоғингизда нега ҳамма ўзининг ҳаётий кечинмаларидан сўзлашни
бошларкин? Шахсан мен тўйим олдидан ҳар кимдан насиҳат, маслаҳат
эшитавериб, “булар мени шунчалик аҳмоқ,
довдир, ҳеч нарсани билмайди деб ўйлаяптими” деган хаёлга боргандим. Ҳозир шуни
эсласам, кулгим келади. Чунки, бугун ўша вақтдаги каби осмондан ерга эмас,
ердан осмонга қараяпман. Қачонлардир таълим-у тахсил даргоҳларида “5” баҳога, ҳатто “6”
баҳога ўқийдиган талаба бўлгандирман, бироқ ҳаёт мактабида аълочи АЁЛ бўлиш
учун жуда катта билим керак бўлишини бугун яхши биламан. “Албатта, ҳақ йўли бир
ўтилгуси” дегандек, келинликнинг бошланиши ва давомийлигида фақат сизнинг
хоҳишингиз ва ҳаракатингиз билан оилавий ҳаётни бошқариш қийинлигини билиб
бораверар экансиз. Мана шундай яхши маънодаги узлуксиз “кураш” жараёнида
бошқаларнинг тажрибаси керак бўлса бўладики, ортиб қолмайди. Ким нима деса
десин-у, қиз бола янги оиласи олдида ўзига нисбатан бўлган ишончини, ўзига нисбатан қўйган
юқори баҳосини нақд ярмидан воз кечиши керак экан. Воз кечмаса-да, юрагининг
тубига яшириб тургани маъқул. Буни “нотўғри фикр” дейдиганлар кўпдир эҳтимол.
Бироқ, тан олингки, “мен ўзим биламан, ҳамма нарсага ақлим етади” қабилидаги
ишонч ҳадеб тилга кўчаверса, қарс икки қўлдан чиқмай қолиши аниқ. Албатта,
принципларнинг борлиги яхши, аммо ҳаётнинг кутилмаган совғалари, зарбалари,
таклифлари, инкорлари борлиги ҳам аён ҳақиқат. Шунинг учун бўй етган қизлар
қулоқларини, кўнгилларини, ҳатто хотираларини ҳам ён-атрофдагиларнинг
маслаҳатларига кенг очиб қўйсалар, катта-кичикдан эшитилган, тўғри йўлга
бошлайдиган насиҳатлар дўппи тор келган пайтда ёрдамга келади. Балки бунга
ишонмассиз, ҳар ҳолда менда шундай бўлган. Одамларнинг “ундай қилгин, бундай қилгин”
каби кўрсатмалари ўнг қулоғимдан кириб, сўлидан чиқиб кетган бўлса-да, Онамнинг
тўйим олдидан менга берган энг катта совғаси – “Қизимга мактуб” ҳатто ҳозир ҳам
менга руҳий кўмакчи бўлмоқда. Фикримча, ҳар бир она қизининг сепига мана шундай
ўз қўли билан ёзган битикни ҳам қўшиб қўйиши керак. Ахир ўз қизининг
камчиликлари-ю ютуқларини онасидан ортиқ ким ҳам яхши биларди? Онамнинг ёлғиз
қизи бўлганим учун ҳам кимгадир қаердадир фойдаси бўлиб қолар деган маънода сизлар билан
ушбуни бўлишгим келди.
“Қизимга мактуб”
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Азиза қизим, сен янги,
мустақил ҳаётга қадам ташлаш арафасидасан. Оила деган қўрғон қуриш ниятидасан.
Шу сабабли сенга айтадиган гапларим, ёзадиган сатрларим бор. Чунки мен ҳар
ҳолда ҳаётнинг аччиқ-чучукларини, паст-баландларини сендан озгина бўлса ҳам
кўпроқ кўрдим ва она сифатида сенга тўғри йўл кўрсатишга ҳаққим бор. Азиза, сен
мени ёлғиз қизимсан, 3 ўғлим белимнинг қуввати бўлса, сен юрагим малҳамисан.
...Ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда ўзингни тутишни бил, жаҳлингни ют.
Жаҳлинг чиққанда оғзингга келган номаъқул гапларни гапириб юборма.
Журналистсан, ҳамиша чиройли гапларни топиб гапир, иложи бўлса, аччиғинг
чиққанда умуман гапирма!
...Ҳеч қачон биров билан баҳслашиб, асабингни бузма, “хўп” деб қўяқол.
Овозингни баландлатма, шунда ҳеч ким сен билан юқори пардада уруша олмайди,
қаттиқ гапирмайди.
...Бирор иш қилишдан, бирор сўз айтишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўр, шу
гапни қайси бирини айтсам бўлади, деб. Ичингдаги гапларни иложи бўлса,
ташқарига чиқарма. Чунки, ўзингга сиғмаган сиринг, оввора бўлма, ҳеч кимнинг
ичида қолмайди, фақат ошкор бўлиб, сени изза қилади.
...Бировни бировга ёмонлама, камситма. Вақти келиб, ўша инсоннинг яхши
хислатлари уйғониб, бир кунингга ярайди. Кейин ўзинг уялиб қоласан.
...Менинг онам, Нисахон бувинг “ҳеч қачон бировга ҳасад қилмайман,
ичимда бировни кўролмасликка ўхшаган туйғу йўқ” деганларида “бўлиши мумкинмас,
ҳар кимнинг ичида озгина бўлса ҳам ҳасад яшайди” дейишган экан. Лекин, ўзим
гувоҳман, бувингга “ҳасадсиз яшаш” шиори бутун умр ҳамроҳ бўлди ва менга ҳам
шуни сингдирдилар. Ҳасад-мунофиқликдир, мен ҳам бутун умр ўзим билан курашдим,
яхши одамларга хавас қилиб яшадим. Отанг ҳам ҳеч қачон бировнинг ортиқ томонини
муҳокама қилган эмас, сен ҳам шундай бўл!
...Вақтли тур, ғафлатда ётма, ғафлатда юрма! Эрталабки насиба-
Оллоҳнинг туҳфаси, ундан бебаҳра қолма.
...Уйларингни тоза тут, шкафларингни тахлови бузилиб ётмасин. Идишлар
ювуқсиз қолмасин, улар то эрталабгача шу уйнинг бекасига лаънат айтиб чиқар
экан. Уйингни исга бостирма, барака бўлмайди. Уйинг, жиҳозларинг тоза бўлса,
хуш кайфиятда юрасан, фаришталар ҳамроҳинг бўлади ва тўсатдан хонадонингга
меҳмон келса, уялиб қолмайсан.
...Меҳмонга борганингда, дастурхон олдида ўтирганингда ўша ердаги
хислатларни, столдаги янгиликларни кузат ва ўзингга бирор бир янгилик олиб
қайт. Меҳмон кутиш одатини, дастурхон безатишдаги янгиликларни тинимсиз ўрган.
...Пулингни тежаб-тергаб сарфла, керак-керакмас нарсаларни сотиб олма.
Иложи бўлса, умуман қарз олма. Турмуш ўртоғингнининг топганини юзага чиқар, 2
та картошкадан бўлса ҳам ширин овқат қилиш мумкин.
...Мен сенга ўзимдан кечиб, қийналиб, озми-кўпми уй жиҳозлари, тилла
буюмлар, кийим-кечаклар сотиб олганман. Нима бўлганда ҳам, пулга жуда муҳтож
бўлганингда ҳам уларни сотиб юборма.
Тилла буюмлар эсдалик, улар авлоддан авлодга ўтади. Ўша нарсаларда қут-барака
бор, чунки уларда катталарнинг, ота-онанинг орзу-хаваслари хотираси яшайди.
Бундай буюмларга бепарво бўлма, дуч келган жойга қўйиб кетма.
...Ҳеч кимдан, қўни-қўшнидан нарса сўрамайдиган рўзғор тутишга ҳаракат
қил. Мабодо олдингми, дарров эгасига қайтар, иложи бўлса, умуман сўрама! Ўзинг
ҳам бировга ишлатиб туриш учун нарса бердингми, эсдан чиқармай қайтариб ол. Уни
ҳам, ўзингни ҳам қарздор қилиб қўйма. Лекин ҳамиша эсингда бўлсин, бирор
тансиқ, ширин овқат қилдингми, ё ўзингдан бирор нарса орттирдингми, албатта ён-атрофинг,
қўшниларингга илин.
...Ёдингда бўлсин, кимга нима бераётган бўлсанг, турмуш ўртоғингни
хабари бўлсин, меъёрни билгин.
...Турмуш ўртоғингни ҳурмат қил, овозингни кўтариб гаплашма. Ишдан
келганида жуда чарчаган бўлсанг ҳам эътибор кўрсат, яхши кутиб ол. Чиройли
гаплар билан ҳаётга илҳомлантир. Тушкунликка тушганида, чарчаганида яхши сўзлар
билан руҳини кўтар. Ўзинг хоҳлаб, ўзинг танлаб, турмушга чиқяпсан. Агар уйингдан
бирор ёмон гап олиб келсанг, ўзинг сабабчисан, айбдорсан. Танлаганингда яхши
эди, кейин фикринг ўзгарибдими, демак, сен ўзинг унинг яхши томонларини
кўпайтира олмаган бўласан.
...Қайнона, қайнотанг-яхши одамлар. Мени ва отангни қандай ҳурмат
қилсанг, яхши кўрсанг, уларга ҳам шундай муомала қил. Телефонда гаплашганингда,
борганингда яхши ютуқларингни, оиланг хотиржаъмлигини гапир, ҳаётдан нолима.
Уларнинг ёши улғайиб бормоқда. Улар ҳам бола-чақа ташвишларидан чарчаб,
қарияпти. Ташвишингни гапириб, ёмонингни ошириб уларнинг соғлиғи ва асабига
таъсир қилма.
...Оила-муқаддас, оилани сақлаш жуда
қийин. Барибир ҳеч кимда силлиқ, текис ҳаёт бўлмайди. Қаеригадир чидайсан,
қаеридадир кўникасан, қаеригадир шукр қиласан.
Сен кўпроқ шукр қилишни ўрган.
...Бугунги ҳолатингдан кўнглим тўқ, бироқ моддий етишмовчиликлар турмуш
ҳаётда барибир бўлади. Ўйлаб нарса сотиб ол, ўйлаб бозор ўчар қил, хуллас
режалаштир. Маҳбуба бувингни эслайсанми, ҳеч кимдан 2 та пиёз, бир пиёла қатиқ
деб рўзғорга нарса сўрамаганлар. Ҳеч кимдан қарз олмаганлар. Йўқдан бор қилиб, ҳалол рўзғор юритганлар.
Сен ўша бувингни йўлларини маҳкам тут.
...Болаларингга ҳуда-беҳуда, шақир-шуқир ўйинчоқ олиб бераверма, яхшиси
кичкиналигидан рангли, расмли китоблар совға қил. Уларга эски бўлса ҳам озода кийим
кийишни, янгисини керак вақтда эгнига илишни ўргат.
...Қизим, мен ҳам сенга яхши тарбия беришга ҳаракат қилдим. Худога
шукр, юзимни ерга қаратмадинг. Доим маслаҳатгўйим, яхши дўстим бўлдинг. Беайб
Парвардигор, камчиликлардан холи эмассан. Ютуқларинг ўзинг билан, қусурларингни
айтсам мендан ранжима. Ўйлайманки, сен яхши уй бекаси, вафодор рафиқа, яхши она
бўласан. Ҳамма хавас қиладиган қиз бўлдинг, энди ҳамма хавас қиладиган аёл
бўлишинг керак ва шарт!
...Насиб қилса, катта уй-жойинг, машинанг, бут рўзғоринг бўлади. Куёвим
яхши ота, бемалол суянадиган, рўзғорингни, қўрғонингни сақловчи тоғинг бўлади. Агар
ҳаётингнинг, турмуш ўртоғингнинг қайсидир жиҳатидан бировга нолисанг, фақат
ютқазасан. Барибир ҳеч ким келиб, сенга ҳолатни яхшилаб бермайди, дардинг эл
ичида дастурхон бўлади.
...Ҳалол яша, ҳалолликда гап кўп. Харом билан ҳалолни ажрат.
...Катта ҳаёт арафасида Оллоҳдан кўп яхши нарсаларни сўра, ижобат
бўлади. Мен ҳам доим сен учун дуода бўламан, оналарнинг дуоси албатта рўёбга
чиқади.
...Хато қилмай яшашга ҳаракат қил, сабр қил, сабр қил ва яна сабр қил!
...Авлодимизда қайтиб келган қиз бўлмаган ва бўлмайди! Оиламизнинг
юзини ерга қаратмайдиган, наслимизни давом эттирадиган, катта ҳарфларда
ёзиладиган БАҒРИКЕНГ, ЯХШИ АЁЛ бўлгин. Сенга катта ҳаёт сўқмоқларида оқ йўл
тилаб қоламан.
Феруза Босит қизидан Азиза
Абдусобит қизига.
Комментариев нет:
Отправить комментарий